Кўкрак бези саратони
Белгилар, хавф омиллари, ўз-ўзини текшириш ва скрининг ҳақида.
Савол-жавоб
Кўкрак бези саратони – сут бези тўқимаси ҳужайраларининг назоратсиз кўпайиши оқибатида хавфли ўсма ҳосил бўладиган касаллик. Бу касаллик кўпроқ аёлларда учрайди, аммо камдан-кам ҳолларда эркакларда ҳам учраши мумкин. Кўкрак бези саратони ҳар доим ҳам оғриқ билан кечмайди, шу сабабли мунтазам текширувлардан ўтиб туриш ва кўкракдаги ўзгаришларга эътибор қаратиш муҳимдир. Касаллик эрта аниқланса, уни муваффақиятли даволаш эҳтимоли юқори бўлади.
Скрининг – бу Кўкрак бези саратонини илк босқичда, ҳали аломатлар пайдо бўлмасданоқ аниқлашга ёрдам берадиган текширув. Оғриқ ёки ҳеч қандай шикоят бўлмаса ҳам кўкракни текширувдан ўтказиб туриш муҳим. Касаллик қанчалик эрта аниқланса, уни муваффақиятли даволаш имконияти юқори бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентнинг ПҚ-402-сон қарорига мувофиқ, 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёлларнинг ҳар икки йилда бир марта скринингдан ўтиши кўзда тутилган. Биринчи босқичда тиббиёт ходими томонидан кўрик ўтказилади. 30–44 ёшдаги аёлларда сут безлари ултратовуш текшируви, 45 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёлларда эса маммография ёрдамида текширилади.
Агар кўкракда қаттиқлашиш (тугун), унинг ўлчами ёки шакли ўзгариши, кўкрак учи ичкарига тортилиши, теридаги ўзгаришлар ёки кўкрак учидан ғайритабиий, айниқса қонли ажралмалар келишини сезсангиз, тезкор шифокорга мурожаат қилинг. Оғриқ бўлмаслиги мумкин, шунинг учун оғриқнинг йўқлиги ҳаммаси жойида дегани эмас.
БУ МУҲИМ: қаттиқлашиш ҳар доим ҳам саратонни англатмайди – сабабини шифокор аниқлаши керак.
Саросимага тушманг, аммо кейинги текширувларни ҳам кечиктирманг. Скрининг натижаси ҳали сизда саратон бор дегани эмас. Шифокор қўшимча текширувлар, масалан, УТТ, маммография ёки биопсия – таҳлил учун кичик тўқима намунасини олишни тайинлаши мумкин. Айнан тўқимани текшириш ташхисни тасдиқлаш ёки инкор этиш имконини беради.
Ҳа, кўкрак бези саратонини даволаш мумкин, касаллик эрта аниқланганда муваффақиятли даволаниш имконияти ошади. Даволаш усули ўсма турига ва касаллик босқичига боғлиқ. Айрим ҳолларда кўкракнинг катта қисмини сақлаб қолган ҳолда фақат ўсмани олиб ташлаш кифоя қилса, бошқа ҳолларда бутун кўкрак безини олиб ташлаш талаб этилади. Шунингдек, дори-дармон терапияси ва нур терапияси ҳам қўлланилиши мумкин. Даволаш режасини шифокор ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда белгилайди.
Бачадон бўйни саратони – бу бачадон бўйни ҳужайраларининг назоратсиз кўпайиши натижасида хавфли ўсма ҳосил бўладиган касаллик. Аксарият ҳолларда бу касаллик одам папиллома вируси (ОПВ) организмда узоқ вақт сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлади. Бачадон бўйни саратони аста-секин ривожланиши мумкин, шу сабабли мунтазам текширувлар хавфли ўзгаришлар пайдо бўлмасданоқ аниқлашга ёрдам беради.
Скрининг – бу саратонолди ўзгаришларини ёки касаллик белгиларини аломатлар пайдо бўлишидан олдин аниқлашга ёрдам берадиган текширув. У ўзгаришларни эрта босқичда аниқлаш ва даволашни ўз вақтида бошлаш имконини беради. Аёл ўзини яхши ҳис қилса ва унда ҳеч қандай шикоятлар бўлмаса ҳам, шифокор тавсияларига мувофиқ текширувдан ўтиб туриши муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 22-ноябрдаги ПҚ-402-сон қарорига мувофиқ, давлат дастури доирасида 30, 40 ва 50 ёшли аёллар бачадон бўйни саратони скринингига жалб этилади: ОПВ (одам папилломавируси) тести ўтказилади, мусбат натижада суюқлик асосидаги цитология қилинади. Натижа манфий бўлса, кейинги режали текширув 10 йилдан кейин. Текширув жойи ва муддатларини оилавий поликлиникадан аниқлаш мумкин.
Жинсий алоқадан кейинги қонли ажралмалар, ҳайз сикллари оралиғидаги ёки менопаузадан кейинги қон кетишлар, шунингдек, ноодатий ажралмалар эҳтимолий муаммоларга ишора қилиши мумкин. Қориннинг пастки қисмидаги оғриқ турли касалликларда юзага келиши мумкин ва бу ўз-ўзидан саратон белгиси дегани эмас. Илк босқичларда бачадон бўйни саратони кўпинча аломатларсиз кечади, шу сабабли ҳеч нарса безовта қилмаган тақдирда ҳам скринингдан ўтиш муҳим.
Ваҳимага тушманг: ОПВ бўйича мусбат тест ёки скрининг натижасидаги ўзгаришлар сизда саратон бор дегани эмас. Шифокор қўшимча текширувларни, масалан, колпоскопия – бачадон бўйнини катталаштириб кўриш, ёки таҳлил учун тўқиманинг кичик намунаси олинадиган биопсияни тайинлаши мумкин. Текширув натижаларига кўра шифокор даволаниш зарур ёки йўқлигини ва айнан қандай муолажа кераклигини белгилайди.
Ҳа, бачадон бўйни саратони даволанади, айниқса у эрта босқичда аниқланган бўлса. Касаллик босқичига қараб жарроҳлик амалиёти, нур терапияси ва дори-дармонлар билан даволаш усуллари қўлланиши мумкин. Саратон ривожланиш хавфини камайтириш учун саратонолди ўзгаришларини ҳам даволаш мумкин. Касаллик қанчалик эрта аниқланса, уни муваффақиятли даволаш имконияти шунчалик юқори бўлади.
Ҳа. Одам папилломавирусига (ОПВ) қарши эмлаш бачадон бўйни саратонини энг кўп келтириб чиқарадиган вирус турларидан ҳимояланишга ёрдам беради. Ўзбекистонда Опвга қарши эмлаш 9 ёшли қизлар учун миллий профилактик эмлашлар тақвимига киритилган. Эмлаш вирус билан тўқнаш келгунга қадар энг юқори самара беради. Шу билан бирга, эмлаш скрининг ўрнини босмайди: аёлларнинг ёшига ва шифокор тавсияларига мувофиқ текширувлардан ўтиб туриши муҳим.
Йўналишлар
Ҳар бир йўналишда — белгилар, скрининг, даволаш ва қўллаб-қувватлаш ҳақида.
Белгилар, хавф омиллари, ўз-ўзини текшириш ва скрининг ҳақида.
Хавф омиллари, аниқлаш усуллари ва даволаш ҳақида.
Савол бериш
Саволингизга шифокор жавоб беради. Исмингиз ва контактларингиз ошкор қилинмайди.
Портал контентини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса, уларни n.akhatov@asr.gov.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.