Давлат дастури доирасида бепул скрининг

Кўкрак бези саратони (КБС): 30–65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир марта тиббиёт ходимлари томонидан дастлабки кўрикдан ўтадилар. 30–44 ёшдаги аёлларда кўкрак безлари УЗИ орқали, 45–65 ёшда эса маммография орқали текширилади.

Бачадон бўйни саратони (ББС): давлат дастури доирасида 30, 40 ва 50 ёшли аёллар одам папиллома вируси (HPV)ни аниқлаш учун ПСР тестидан ўтадилар; HPV мусбат бўлса, суюқ асосли цитология қилинади. Натижа манфий бўлса, кейинги режали текширув 10 йилдан сўнг ўтказилади. Натижа мусбат бўлса, қўшимча текширувга йўлланма берилади.

«Онкологик ҳушёрлик» хоналарида мавжуд имкониятлар

  • Ушбу хоналар акушер-гинеколог шифокор лавозими мавжуд бўлган кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида ташкил этилади.
  • Агар скрининг натижасида ўзгаришлар, масалан, HPV тести ижобий натижаси ёки цитологик текширувда ўзгаришлар аниқланса, ушбу хонада колпоскопия текшируви ташкил этилади.
  • Беморнинг йўналиши: кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаси («Онкологик ҳушёрлик» хонаси) → саратонолди ҳолати аниқланганда — Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш илмий-амалий тиббиёт маркази ёки унинг ҳудудий филиалига амбулатор даволаниш учун йўлланма → онкологик касалликка шубҳа қилинганда ёки ташхис тасдиқланганда — онкология марказига (Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ёки унинг ҳудудий филиалига) йўлланма берилади.

Беморлар ва шифокорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Бемор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  1. Тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи: ташхис, даволаш усуллари, хавфлар ва муқобил вариантлар ҳақида тўлиқ ва тушунарли маълумот олиш, шунингдек, ҳар қандай муолажадан олдин онгли равишда розилик бериш. Бемор даволаш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этиши учун хавфлар, афзалликлар, чекловлар ва муқобил усуллар ҳақида зарур маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

  2. Тиббий маълумотларнинг махфийлиги ва ўз тиббий ҳужжатлари билан танишиш ҳуқуқи.

  3. Иккинчи тиббий хулосани олиш ҳуқуқи: даволаш бўйича қарор қабул қилишдан олдин бошқа мутахассиснинг фикрини олиш.

  4. Даволаниш ёки йўлланмадан воз кечиш ҳуқуқи: бундай қарорнинг мумкин бўлган оқибатлари ҳақида хабардор қилинган ҳолда даволанишдан ёки берилган йўлланмадан воз кечиш.

  5. Ҳурмат ва муносиб муносабатга эга бўлиш: камситишларсиз, ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

Беморнинг мажбуриятлари

Шифокор қабулидаги беморлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

  • Шифокорга ўз саломатлиги ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумот бериш, жумладан, қабул қилаётган дори воситалари ва маълум бўлган аллергиялари ҳақида хабар бериш.
  • Келишилган текширув ва даволаш режасига риоя қилиш, агар уни ўзгартириш истаги бўлса, бу ҳақда шифокорга ўз вақтида хабар бериш.
  • Қарор ҳақиқатан ҳам онгли равишда қабул қилиниши учун саволлар бериш ва тушунарсиз жиҳатларни аниқлаштириш.

Шифокор мажбуриятлари

Шифокорлар эса қуйидагиларни масъулият билан бажариши унинг мажбуриятига киради:

  • Беморга ташхис, касаллик прогнози ва даволаш усуллари ҳақида тўлиқ, тушунарли ва ўз вақтида маълумот бериш.
  • Диагностик ёки даволаш муолажаларини бошлашдан олдин беморнинг онгли розилигини олиш.
  • Беморнинг маълумотлари махфийлигини таъминлаш ва унинг шахсий ҳаёт дахлсизлигига бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилиш.

Парвариш ва қўллаб-қувватлаш

Даволаниш вақтида ва ундан кейин аёллар учун амалий маълумотлар ва руҳий қўллаб-қувватлаш — ҳар бир босқичда ҳаёт сифатини сақлаб қолиш учун хизмат қилади.

Жисмоний саломатлик

  • даволаш даврида овқатланиш;
  • ножўя таъсирларни бошқариш;
  • тери ва соч парвариши;
  • жисмоний фаоллик ва реабилитация.

Ҳиссий қўллаб-қувватлаш

  • қўрқув ва хавотирни қандай енгиш мумкин;
  • психологик ёрдам: қаерга мурожаат қилиш;
  • яқинлар ва оила қўллаб-қувватлаши;
  • беморларнинг ўзаро ёрдам гуруҳлари.

Амалий масалалар

  • касаллик варақаси ва меҳнат ҳуқуқлари;
  • молиявий қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар;
  • ташхис қўйилган яқин инсонга қандай ёрдам бериш мумкин;
  • шифокорга бериш муҳим бўлган саволлар.

Портал контентини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса, уларни n.akhatov@asr.gov.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.