Скрининг нима?

Скрининг – касалликларни (жумладан, саратон) аниқ белгилари намоён бўлгунга қадар эрта аниқлаш дастуридир. У ҳеч қандай шикояти бўлмаган одамларнинг катта қисми учун ўтказилади. Текширувдан ўтганларнинг аксарияти соғлом бўлади. Бироқ, агар шубҳали ўзгаришлар аниқланса, одам қўшимча текширувдан ўтиши керак бўлади.

Скрининг ёрдамида касалликни даволаш энг самарали бўлган эрта босқичда “ушлашга” уринади. Ушбу босқичда ўсимта ҳали органдан ташқарига тарқалмаган ёки ёқимсиз симптомларни келтириб чиқармаган.

Скрининг профилактикадан қандай фарқ қилади?

Профилактика – бу касалликнинг ривожланиш хавфини ёки мавжуд ҳолатнинг асоратларини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи. Масалан, қон томир касалликларини олдини олиш учун рациондан қизариб пишган ва ёғли овқатларни чиқариб ташлаш. Ёки тери саратони ривожланиш эҳтимолини камайтириш учун қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланиш ва қуёшга таъсир қилишни чеклаш. Демак, олдини олиш инсоннинг келажакдаги фаровонлиги учун риоя қиладиган аниқ қоидалар сифатида белгиланади. Унинг мақсади саратон ривожланишининг олдини олишдир.

Бошқа томондан, скрининг ҳар бир касаллик учун махсус тестларни ўтказишни ўз ичига олади: кўкрак бези саратони учун маммография, йўғон ичак саратони учун нажасда яширин қон текшируви ва бошқалар. Мақсад саратонни эрта босқичда, уни самарали даволаш мумкин бўлган вақтда аниқлаш ва касалликдан ўлим даражасини камайтиришдир.

Скрининг усуллари

Бугунги кунда шифокорлар сут безларини текшириш учун учта асосий усулдан фойдаланадилар:

  • Маммография;
  • Ултратовуш текшируви (УТТ);
  • Магнит-резонанс томография.

Маммография

Маммография — “олтин стандарт”

Маммография сут бези саратонини эрта аниқлашнинг асосий усули. Бу паст дозаларда рентген нури ёрдамида олинган кўкрак суратидир. Жараён 10–15 дақиқа давом этади ва икки йўналишда — тўғридан-тўғри ва ён томондан ўтказилади. Текширувдан олдин кийим ва заргарлик буюмларини белдан юқорисигача ечиш керак. Ҳар бир сут бези аппарат пластиналари орасига жойлаштирилади ва бироз сиқилади. Бу қисқа вақт давом этади, хавфсиз ва одатда оғриқсиз.

Маммография ҳомиладорлик ёки эмизиш даврида ўтказилмайди. 40 ёшгача бўлган аёлларда бу усул камроқ самара бериши мумкин, чунки уларнинг сут безлари тўқимаси зичроқ бўлади.

Чекловларига қарамай, маммография бутун дунёда энг самарали скрининг усули деб тан олинган. Айнан шу текширув ёрдамида сут бези саратонидан ўлим даражаси камайди.

УТТ

УТТ ёрдамида сут безлари ва у билан боғлиқ лимфа тугунлари текширилади. Жараён оғриқсиз, нурланишсиз ва тахминан 15 дақиқа давом этади.

Аёл ётган ҳолатда бўлади, шифокор махсус гел суртади ва датчик ёрдамида кўкрак тўқималарини турли бурчаклардан кўради. УТТ натижалари маммографияни тўлдиради ва шубҳали жойларни аниқлашга ёрдам беради.

МРТ

МРТ сут безларининг уч ўлчамли тасвирини олиш имконини беради. Бу замонавий, аммо ҳамма учун мўлжалланмаган усул. У асосан юқори хавф гуруҳидаги аёллар учун, масалан, ирсий мойиллиги бор беморлар учун қўлланилади.

Жараён магнит томографда ўтказилади. Бемор қорнига ётади ва 30–40 дақиқа давомида ҳаракатсиз қолади. Агар юрак стимулятори ёки металл имплантлар бўлса, бу ҳақда олдиндан шифокорга айтиш керак.

МРТ баъзан саратон билан боғлиқ бўлмаган соҳаларни ҳам кўрсатиши мумкин, бу эса ортиқча ташхис қўйиш ёки кераксиз биопсияларга олиб келади. Шу сабабли бу усул фақат шифокор тавсиясига биноан қўлланилади.

Кимларга скрининг тавсия этилади

Ўзбекистон давлат дастури (ПҚ-402)

Ўзбекистон давлат дастурига кўра, 30–65 ёшдаги аёллар ҳар икки йилда бир марта бирламчи саралашдан ўтказилади. 30–44 ёшда кўкрак безлари ултратовуш текшируви (УТТ), 45–65 ёшда маммография кўзда тутилган.

  • маммография: 45–65 ёшдаги аёллар, 2 йилда бир марта;
  • УТТ: 30–44 ёшдаги аёллар, 2 йилда бир марта;
  • HPV-тест: 30, 40 ва 50 ёшдаги аёллар (натижа манфий бўлса — кейингиси 10 йилдан кейин);
  • ўз-ўзини текширишга чақириқ.

Халқаро тавсиялар

  • 40 ёшдан 75 ёшгача бўлган аёллар — маммография ҳар икки йилда бир марта. Бу сут бези саратонини эрта аниқлашнинг энг ишончли усули.
  • 40 ёшгача бўлган аёллар — ҳар ойда мунтазам кўкракни ўз-ўзини текшириш тавсия этилади. Энг яхши вақт — ҳайз кўриш бошланганидан 5–7 кун ўтиб. Ўз-ўзини текшириш ўзгаришларни эрта пайқаш ва шифокорга ўз вақтида мурожаат қилишга ёрдам беради.
  • Агар ирсий мойиллик (яқин қариндошларда кўкрак ёки тухумдон саратони) ёки бошқа хавф омиллари мавжуд бўлса, шифокор 25–30 ёшдан бошлаб сут безларининг УТТ текширувини тавсия қилиши мумкин.
  • 75 ёшдан кейин маммографиянинг зарурлиги соғлиқ ҳолати ва шифокор тавсиясига қараб белгиланади.

Қаерда ўтиш мумкин

  • оилавий шифокорлик пунктлари;
  • туман поликлиникалари (онкологик огоҳлик хоналари);
  • Она ва бола саломатлиги маркази ва унинг филиаллари;
  • давлат дастури доирасида — бепул.

Портал контентини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса, уларни n.akhatov@asr.gov.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.