Бачадон бўйни саратони шакллари
Бачадон бўйни саратони — энг яхши ўрганилган онкологик касалликлардан бири бўлиб, деярли 99 фоиз ҳолатлар инсон папиллома вируси (HPV) билан боғлиқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан 2020 йилда қабул қилинган таснифга кўра, ўсимталар уларнинг қайси ҳужайралардан ривожланганига қараб бўлинади.

Бачадон бўйни саратонининг асосий шакллари
Ясси эпителийдан ривожланган ўсимталар:
- HPV билан боғлиқ ясси ҳужайрали саратон;
- HPV билан боғлиқ бўлмаган ясси ҳужайрали саратон;
- ноаниқ (нонспефик) ясси ҳужайрали саратон.
Безли эпителийдан ривожланадиган ўсимталар:
- HPV билан боғлиқ аденокарсинома;
- HPV билан боғлиқ бўлмаган аденокарсинома (ошқозон, ёруғ ҳужайрали, мезонефрик турлари);
- эндометриоид аденокарсинома;
- карсиносаркома.
Ноёб шакллар:
- аралаш эпителиал ва мезенхимал ўсимталар;
- герминоген ўсимталар;
- нейроэндокрин ўсимталар.
HPV билан боғлиқ бўлмаган саратон одатда тезроқ ривожланади ва прогнози ёмонроқ бўлади. Шу сабабли, бугунги кунда HPV мақоми (статуси) даволаш режасини танлашда муҳим омил ҳисобланади.
Ҳужайралар дифференсияланиш даражаси
Дифференсияланиш — бу ўсимта ҳужайралари соғлом ҳужайралардан қанчалик фарқ қилишини билдиради. Қанчалик фарқ катта бўлса, ўсимта шунчалик тез ўсади ва тарқалиш хавфи юқори бўлади.
Учта даража мавжуд:
- 1-даража (паст малигнлик) — ҳужайралар соғлом ҳужайраларга ўхшайди, ўсиш секин;
- 2-даража — ўртача фарқ, ўсиш тезлашган;
- 3-даража (юқори малигнлик) — ҳужайралар кескин ўзгарган, ўсма тез ўсади ва тарқалади.
Бугунги амалиётда дифференсияланиш даражаси асосан HPV билан боғлиқ аденокарсиномалар учун муҳим бўлиб, бошқа шакллар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас.
Энг кўп учрайдиган шакллар
- Ясси ҳужайрали саратон — барча ҳолатларнинг тахминан 80 фоизини ташкил этади. Скрининг туфайли кўпинча эрта босқичда аниқланади ва муваффақиятли даволанади (жарроҳлик, нур ёки кимёнур терапияси).
- Аденокарсинома — 10–20 фоиз ҳолларда учрайди, ўтиши ясси ҳужайрали шаклга ўхшаш. Даволаш тактикаси босқичга боғлиқ.
- Нейроэндокрин карсинома — кам учрайдиган (1%) лекин агрессив тур. У тезда метастаз беради ва кўпинча жарроҳлик, кимё ва нур терапиясининг комбинацияси билан даволанади.
- Герминоген ўсимталар — жуда кам учрайди, лекин ўткир кечади. Асосий даволаш усули — жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш.
Метастатик жараёнларда
Асосий даволаш — тизимли терапия (кимётерапия, нишонли ёки иммунотерапия). Айрим ҳолларда маҳаллий усуллар — метастазни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш ёки нур терапияси — қўшимча сифатида қўлланилади.
Асосийси
Бачадон бўйни саратонининг икки асосий шакли мавжуд: ясси ҳужайрали ва аденокарсинома. HPV ҳолатини аниқлаш шифокорга энг тўғри даволаш режасини танлашга ёрдам беради. Мунтазам скрининг, эрта ташхис ва ўз вақтида даволаш касалликни бошланғич босқичда аниқлаш имконини беради ва тўлиқ соғайиш эҳтимолини сезиларли даражада оширади.