Журналистлар учун сессия: Сўз – саломатликка хизмат қилганда
“Эрта аниқла – ҳаётни сақла” форуми доирасида журналистлар учун махсус сессия ташкил этилди. Унда ОАВ вакиллари саратон мавзусини ёритишда тўғри атамалар, умидбахш ёндашув ва инсонийлик руҳи ҳақида баҳс юритдилар.

Сессияда ОАВ вакилларига “онкобемор аёллар” каби салбий тусдаги атамаларни “саратон касаллиги бўйича даволанаётган аёллар” каби ижобий, ҳурматли ифодаларга алмаштириш, “қўрқинчли касаллик” ўрнига “вақтида аниқланса, даволанадиган касаллик” деб аташ зарурлиги эслатиб ўтилди.
Саратон – ҳукм эмас, эрта ташхис қўйилса, даволанадиган касалликдир. Муҳими, жамият қўллаб-қувватласа, тиббиёт замонавий ёндашув билан ишласа ва ахборот тўғри етказилса, ҳар бир аёл ўз саломатлиги устидан назоратни қўлга олади.
Журналистлар сессияси сўзнинг кучи ҳаётни асрашга, умидни тарқатишга ва ижтимоий онгни ўзгартиришга хизмат қилиши мумкинлигини яна бир бор исботлади.