Кўкрак бези саратони турлари

Кўкрак бези саратони — бу бир турдаги касаллик эмас, балки турли хил табиатга эга бўлган, турли кечувчи ва даволашга турлича жавоб қайтарадиган бир-нечта касалликлар гуруҳидир. Даволашнинг тўғри йўлини танлаш учун шифокорлар аввало беморда саратоннинг айнан қайси тури мавжуд эканлигини тушунишлари лозимдир. Бугунги кунда тиббиёт саратонни морфологик, биологик ва яқинда аниқланган ҲЕР2 оқсили экспрессияси даражасига қараб турларга ажратиш амалиётини қўллайди.

Морфологик турлар: ўсма микроскоп остида қандай кўринади

Морфологик тур ўсманинг қандай ҳужайралардан иборат эканлигини ва уларнинг қандай ўсишини кўрсатади.

Энг кўп учрайдиган шакл — инвазив (бошқа ҳужайраларга кириб ўсиш хусусиятига эга бўлган) сут йўли ўсмаси бўлиб, у сут йўлларининг ички қаватини ҳосил қилувчи ҳужайралардан ривожланади ва атрофдаги тўқималарга кириб ўсишга мойил бўлади.

Камроқ учрайдиган шакллар:

  • Инвазив бўлакли карсинома — сут безининг бўлакларида ривожланади, кўпинча икки томонлама бўлади ва эрта босқичда аниқлаш қийин ҳисобланади.
  • Тубуляр — яхши ташкил топган ҳужайралардан иборат бўлиб, одатда ижобий башоратга эгадир.
  • Мутсиноз — ўсма шилимшиқ модда (мутсин) ажратади.
  • Медулляр — йирик ҳужайралардан ташкил топади ва касаллик ён-атрофдаги ҳужайраларнинг яллиғланиши билан кечади.
  • Микропапилляр — кўпинча ҲЕР2-мусбат бўлиб, метастазлар ҳосил қилишга мойил бўлади.
  • Метапластик — кам учрайдиган, агрессив шакл бўлиб, ташхисни қўшимча иммуногистокимёвий текширув билан аниқлаш талаб этилади.

Касалликнинг тубуляр ва мутсиноз каби турлари нисбатан енгил кечиши билан тавсифланса, микропапилляр ёки метапластик каби турлари касалликнинг агрессив кечиши билан тавсифланади.

Биологик турлар: ўсмаларнинг табиати ва даво муолажаларига жавоб қайтариши

Ўсмаларнинг табиатини тушуниш учун шифокорлар ҳужайралар юзасидаги ретсепторларнинг мавжудлигига кўра уларнинг биологик турини аниқлайди.

Бунинг учун иммуногистокимёвий (ИГХ) ҳамда оқсиллар таҳлили ўтказилади:

  • эстроген (ЭР) ва прогестерон (ПР) ретсепторлари,
  • ҲЕР2 оқсили, у ҳужайра ўсишини фаоллаштиради,
  • Ки-67 — ҳужайра бўлиниш тезлигини кўрсатади.

Ушбу белгилар асосида 5 асосий биологик тур ажратилади:

Луминал А — гормонал сезувчанлиги мавжуд бўлиб, унда ҲЕР2 манфий, ҳужайралар секин бўлинади. Энг яхши даволаниши мумкин бўлган турдир.

Луминал Б (ҲЕР2-манфий) — гормонал сезувчанлиги мавжуд, лекин ўсиш тезроқ.

Луминал Б (ҲЕР2-мусбат) — гормонал сезувчанлиги ҳамда ҲЕР2 оқсили мавжуд.

ҲЕР2-мусбат — гормонал ретсепторлари йўқ, махсус нишонга йўналтирилган (таргетли) давони талаб қилади.

Уч марта манфий — на гормонал, на ҲЕР2 ретсепторлари бор; агрессив, аммо кимётерапия усули билан яхши даволанади.

Янги тур: ҲЕР2-лов (паст) Кўкрак бези саратони

Сўнгги йилларда кўкрак бези саратонининг ҲЕР2-лов деб аталувчи янги тури ажратилди. У ҲЕР2-мусбат ва ҲЕР2-манфий ўсмалар орасида оралиқ ўринда туради.

ҲЕР2 (Ҳуман Эпидермал Гровтҳ Фастор Ресептор 2) — ҳужайра юзасида жойлашган оқсил бўлиб, ҳужайранинг ўсиши ва бўлинишига жавоб беради. Агар ҳужайра юзасида бу оқсил ҳаддан ортиқ кўп бўлса, ҳужайралар назоратсиз бўлиниб, ўсимтанинг катталашувига олиб келади.

ҲЕР2 оқсилининг мавжудлиги икки хил усул билан баҳоланади:

  • ИГХ — ҳужайраларнинг бўялиш интенсивлигини аниқлайди (0 дан 3+ гача).
  • ФИШ — ҲЕР2 генининг нусхалари кўпайганлигини аниқлайди.

Авваллари 3+ ёки 2+ даражада бўялган ҳамда мусбат ФИШ кўрсатгичга эга бўлган саратон ҲЕР2-мусбат деб ҳисобланар эди.

ҲЕР2-лов эса ҲЕР2 оқсили кўрсатгичлари юқори бўлмаган янги категориядир:

  • ИГХ кўрсатгич 1+, ёки
  • ИГХ 2+ ва ФИШ кўрсатгич манфий.

Авваллари бундай ўсмалар ҲЕР2-манфий кўрсатгичга эга деб ҳисобланар эди, аммо энди улар учун янги дори воситаси — трастузумаб дерукстекан пайдо бўлди. Бу дори воситаси кимётерапия моддасини ўсимта ҳужайраларига аниқ етказиб, ҳатто кам миқдордаги ҲЕР2-ретсепторларга эга бўлган ретсепторларга ҳам таъсир кўрсатади.

Тадқиқотларга кўра, Кўкрак бези саратони билан касалланган аёлларнинг 50% ҲЕР2-лов туридаги касаллик турига чалингандир.

Хорижий давлатларда трастузумаб дерукстекан препарати ҲЕР2-лов метастатик саратонга чалинган беморларнинг иккинчи босқич давоси сифатида кенг қўлланилмоқда.

Инвазив бўлмаган саратон (сарсинома ин ситу): “жойида турган саратон”

Бу — касалликнинг энг эрта босқичи бўлиб, ўсма ҳужайралари сут йўллари ёки бўлаклардан ташқарига чиқмаган бўлади.

Бунга қуйидаги турлар киради:

  • Протокли карсинома ин ситу (ДСИС) — сут йўлларида ўсади, жарроҳлик йўли билан олиб ташланади, баъзида нур ёки гормонал терапия ёрдамида даволанади.
  • Бўлакли карсинома ин ситу (ЛСИС) — кўпинча операция қилмасдан кузатув амалга оширилади, келажакда саратоннинг инвазив турига ўтиб кетиши хавфи мавжуд бўлганлиги сабабли мунтазам кузатувда бўлиш талаб этилади.

Инвазив бўлакли карсинома: сокин кечувчи, аммо юқори хавф даражасига эга бўлган шакл

Инвазив бўлакли карсинома барча ҳолатларнинг 5–15% ини ташкил этади. У кўпинча икки томонда пайдо бўлади ва эрта босқичда ўзини сездирмайди. Баъзи ҳолларда ўсманинг ҳақиқий ўлчамлари мамографияда кўрсатилган ўлчамлардан бир-неча баробар катта бўлиб чиқади.

Бу турдаги ўсимталар кўп ҳолларда гормонал сезувчанликка эга бўлади (ЭР/ПР-мусбат, ҲЕР2-манфий) ва гормонал даволаш турида яхши натижа кўрсатади.

Ўсимта бир-нечта бўлакларда бир вақтнинг ўзида пайдо бўлиши мумкинлиги сабабли, сут безларини тўлиқ олиб ташлаш талаб этилади.

Генетик омиллар

Баъзи турдаги Кўкрак бези саратони ирсий мутациялар билан боғлиқ бўлади. Кўпинча мутациялар БРСА1, БРСА2 ва СДҲ1 генларида учрайди.

Бу мутацияларнинг мавжудлиги саратон албатта ривожланишини билдирмайди, аммо ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширади. Шу сабабли оилавий анамнезда касаллик бўлса, генетик тест топшириш тавсия этилади.

Асосий хулоса

Саратон турини билиш — тўғри даволанишнинг калитидир.

Морфология ўсмаларнинг қаерда пайдо бўлганини, биология эса уларнинг табиатини, ҲЕР2 даражаси эса қайси даво усули самарали бўлишини кўрсатади.

Замонавий онкология энди саратон билан “кўр-кўрона” курашмайди — у ҳар бир аёл учун мослаштирилган даволаш турини танлайди.

Ва энг муҳими — касалликни эрта босқичда аниқлаш имкон қадар тўлиқ соғайиш ва ҳаётнинг сифатини сақлаб қолишга имкон беради.

Барчаси: Фойдали маълумотлар

Портал контентини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса, уларни n.akhatov@asr.gov.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.