Кўкрак бези саратони касаллигига шубҳа қилинганда биопсия

Биопсия — шифокор томонидан кўкракдаги шубҳали жойдан кичик тўқима намунасини олиш билан кечадиган муолажадир. Айнан биопсия шифокорга ўсимтанинг хавфли ёки хавфсиз эканлиги тўғрисида аниқ хулосага келишига ёрдам беради.

Биопсия турлари

1. Ингичка игнали биопсия (ИИБ)

Бу усулда шифокор тери орқали жуда ингичка игна киритиб, бироз ҳужайра материалидан олади. Жараён бир неча дақиқа давом этади, оғриқсизлантириш одатда талаб этилмайди.

Муолажа натижаси бўйича ўсимтанинг табиатини тахмин қилиш мумкин, аммо аниқ ташхис учун қўшимча текширув зарур.

2. Трепан-биопсия (қалин игнали)

Бу усулда игна бироз қалинроқ бўлади ва у ёрдамида тўқиманинг кичик “устунчалари” (одатда 6–8 та) олинади. Бу тўлиқ гистологик таҳлил — яъни тўқима тузилишини чуқур ўрганиш имконини беради. Фақат гистология орқали “Кўкрак бези саратони” ташхиси тўлиқ тасдиқланиши мумкин.

3. Жарроҳлик биопсияси

Кам ҳолларда, масалан, игна билан тешиш имкони бўлмаган ҳоларда қўлланилади. Шифокор кичик операция орқали шубҳали жойни олиб ташлайди ва текширувга юборади.

Трепан-биопсия қандай ўтади

Маҳаллий оғриқсизлантириш қилинади (лидокаин ёки артикаин билан).

УТТ назорати остида майда кесма орқали игна киритилади.

Игнанинг тез “ўқ отиши” орқали тўқима парчасидан намуна олинади.

Намуна кейинг таҳлил учун махсус эритмага жойланади.

Жараён етарли миқдорда материал йиғилгунча бир неча марта такрорланади.

Биопсия давомида намуна олинган жойга боғлама қўйилади ва муз босилади. Баъзан енгил кўкариш ёки шиш пайдо бўлиши мумкин — бу табиий ҳолат, одатда бир неча кунда ўтиб кетади.

Биопсияга қандай тайёрланиш лозим?

Махсус тайёргарлик талаб қилинмайди. Фақат муолажа куни кўкрак терисига крем, ёғ, дезодорант ёки упа сурманг.

Қачон ингичка игнали биопсия қилинади

Агар шифокор ўсимта яхши сифатли (масалан, киста) деб ўйласа, шу усул танланади.

Жараён содда, арзон ва натижа 1–2 кун ичида тайёр бўлади.

Агар саратонга ҳатто заррача гумон туғилса, трепан-биопсия қилинади.

Ситослогик таҳлил натижаларини тушуниш

Ситолог натижани C1 дан C5 гача баҳолайди:

  • C1 — материал етарли эмас, натижа ноаниқ.
  • C2 — яхши сифатли ўсимта.
  • C3 — эҳтимол яхши сифатли, аммо айрим ноодатий ҳужайралар бор.
  • C4 — ёмон сифатли бўлиши мумкин (шубҳа бор).
  • C5 — катта эҳтимол билан саратон.

Агар натижа C3–C5 бўлса, ташхисни аниқлаш учун трепан-биопсия ўтказилади.

Хавфсизлик ва ҳис-туйғулар

Биопсия хавфсиз муолажа ҳисобланади, асоратлар жуда кам (1% дан кам ҳолларда).

Муолажадан сўнг совуқ компресс қўйиш, жисмоний зўриқишдан сақланиш ва қўллаб турувчи бюстгалтер кийиш тавсия этилади.

Агар кўкрак кескин шишиб, оғриса ёки ҳарорат кўтарилса — шифокорга мурожаат қилиш лозимдир.

Янглиш фикр: “Биопсиядан кейин ўсимта тезроқ ўсади”

Бу энг кенг тарқалган қўрқувлардан бири, аммо у илмий жиҳатдан асосланмаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, биопсия саратоннинг ўсишига, тарқалишига ёки “уйғонишига” таъсир қилмайди.

Биопсия ҳужайраларни “сочмайди” ва ўсимтани “безовта қилмайди” — аксинча, касалликни эрта босқичда аниқлашга ёрдам беради. Айнан эрта ташхис даволаниш натижасини яхшилайди.

Агар ўсимта ўсаётган бўлса, бу биопсия муолажасига эмас, балки унинг биологик хусусиятлари билан боғлиқдир.

Қўрқув туфайли биопсиядан воз кечиш эса онкологиядаги энг муҳим нарса — вақтни йўқотишга олиб келиши мумкин.

Асосийси

Биопсия — хавфли эмас, оғриқсиз ва жуда муҳим жараён.

У саратонни қўзғатмайди, аксинча уни тўхтатишга ёрдам беради.

Ташхис қанча эрта қўйилса, соғайиш имконияти шунча юқори бўлади.

Барчаси: Фойдали маълумотлар

Портал контентини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса, уларни n.akhatov@asr.gov.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.