Кўкрак бези саратони белгилари

Кўкракдаги ўзгаришларни эрта сезиш учун аввало унинг одатдаги кўриниши ва ҳолатини билиш муҳим. Бу сизга касалликнинг дастлабки белгиларини ўтказиб юбормасликка ёрдам беради.

Асосий огоҳлантирувчи белги — кўкракда қаттиқлик ёки “шиш” пайдо бўлиши.

Кўпчилик ҳолларда бу ўсма яхши сифатли бўлади, лекин баъзи белгилар саратон эҳтимолини оширади:

  • ўсма жуда зич, “тошдек қаттиқ”;
  • тери остида ёмон силжийди;
  • қирралари нотекис, ғадир-будир;
  • одатда оғриқсиз.

Баъзан ўсмани қўл билан сезиш мумкин, ҳатто маммография уни кўрсатмаса ҳам. Шу сабабли ҳар қандай текширувдан олдин шифокор кўриги зарур.

Тери ўзгаришлари

Саратон фақат ўсма билан эмас, балки кўкрак териси ўзгаришлари билан ҳам намоён бўлиши мумкин:

  • қизариш ёки сабабсиз кўкариш;
  • шиш, терининг қалинлашиши ёки зичлашиши;
  • терининг ёки сўрғичнинг тортилиши (ичкарига кириб кетиши);
  • қуруқлик, тошма, тузалмас яралар;
  • сўрғич ёки ареола соҳасида яра ёки экзема.

Бу белгилар ўсма терига яқин жойлашганда пайдо бўлади.

Сўрғичдан ажралмалар

Ажралмалар ҳар доим ҳам саратонни англатмайди. Кўпинча улар яхши сифатли ўзгаришлар — папиллома, яллиғланиш ёки вақтинчалик ҳолатлардир.

Аммо қуйидаги белгилар бўлса, эҳтиёт бўлиш керак:

  • ажралмалар ўз-ўзидан, босмасдан пайдо бўлади;
  • фақат битта сўрғичдан чиқади;
  • фақат битта нуқтадан (битта канал) томчи ажралади;
  • ажралмалар қон аралаш бўлади.

Бундай ҳолларда шифокорга мурожаат қилиб, текширувдан ўтиш лозим.

Лимфа тугунларидаги белгилар

Саратон қўлтиқ ости, ўмров усти ёки ости лимфа тугунларининг катталашуви билан ҳам намоён бўлиши мумкин.

Одатда бу тугунлар билинмайди, лекин касалликда улар катталашиб, ҳаракатда ноқулайлик ёки шиш ҳиссини келтириб чиқаради.

Ҳар доим ҳам лимфа тугунининг катталашиши саратон белгиси эмас — бу инфекцияга жавоб бўлиши ҳам мумкин. Аниқлик киритиш учун биопсия ўтказилади: шифокор тўқимадан кичик намунани олиб, лабораторияда текширади.

Агар сиз шу каби ўзгаришлардан бирортасини сезсангиз — ваҳима қилманг, лекин шифокорга боришни кечиктирманг.

Эрта ташхис — тўлиқ соғайиш имконияти демакдир.

Барчаси: Фойдали маълумотлар

Портал контентини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса, уларни n.akhatov@asr.gov.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз.